• Часы работы: пн - пт: с 8:00 до 17:00
  • +998 76-22-1-49-71 Biz bilan bog'laning
  • info@yagona-buyurtmachi.uz Bizga yozing
  • Surxondaryo viloyati Termiz shahri Navbog' 5 Bizning manzil
 Очилбой Раматов бошчилигидаги комиссия Жиззахда 6 қаватли уйнинг қулаши сабабларини ўрганади

Очилбой Раматов бошчилигидаги комиссия Жиззахда 6 қаватли уйнинг қулаши сабабларини ўрганади

Жиззахда кўп қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссияга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади.

Жиззах шаҳрида қурилиши тугамай туриб, 10 январ куни қулаб тушган 6 қаватли уйни «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ қураётган бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати тарқатган баёнотда маълум қилинди.

Хабар қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Комиссия таркибига прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ва лойиҳа ташкилотлари киритилган.

 

Комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилгани, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Ҳукумат комиссияси 10 январдан ўз ишини бошлаган.

  • 10 январ куни соат 17:10да Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири кутилмаганда, ҳеч бир табиий офат таъсирисиз қулаб тушди.
  • Расмий маълумотга кўра, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
  • Фойдаланишга топширилмаган бино 6 қаватли бўлиб, хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати турар жой, дастлабки 2 қавати нотурар жой сифатида қурилаётган бўлган.

Manba: kun.uz